Самарқанд вилояти Самарқанд тумани
Мактабгача таълим бўлими

Болаларимизнинг келажагига сарфланган сармоямиз уларнинг бахтли ҳаёти ва Ватан равнақи учун хизмат қилади

Бугунги кунда туманда 21 минг 995 нафар тарбияланувчи бўлиб, уларнинг 12 минг 380 нафари 144 та мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. 3-7 ёшли болаларни камровини 100 фоизга етказиш мақсадида қатор режалар ишлаб чиқилган.

Албатта, таълим соҳасини ислоҳ қилиш бугун ҳукуматимиз диққат эътиборида турган долзарб соҳалардан бири, десак муболаға бўлмайди. Сўнгги йилларда мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга қаратилган қонунлар, қарорлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Самарқанд туманда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этишкаби қатор режали ва мақсадли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

2021 йил давомида туманда мактабгача таълим ташкилотларига 3-7 ёшли болалар қамровини ошириш бўйича секторлар кесимида “Йўл хатираси” тасдиқланди. Бунда тумандаги 22 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 24 та бир йиллик мажбурий бепул таълим гуруҳи, 6 та қисқа муддатли гуруҳлар, 2 та тўлиқ кунли гуруҳлар, 15 та маҳаллаий бюджет маблағлари ҳисобидан бўш гуруҳларни таъмирлаш ва бошқа имкониятлар ҳисобидан жами 1960 нафар бола қамраб олиниши кўзда тутилган. Натижада бу кўрсаткич 64,6 фоизга етказилади.

2020 йил тумандаги 5 та давлат мактабгача таълим ташкилоти 432 миллион сўмлик иссиқлик тизимларида қайта таъмирлаш ишлари олиб борилди. 200 миллион сўмга 3 та давлат мактабгача таълим ташкилотининг том қисмлари таъмирланган бўлса, 4 та ДМТТларида реконструкция ишлари амалга оширилган.

2020-2021 ўқув йилида маҳаллий бюджет ҳисобидан жами туманда 5 та ДМТТлар учун 1 миллиард сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда мазкур жорий таъмирлаш ишларининг якуний жараёнлари олиб борилмоқда. Шунингдек, туманда 16 та ДМТТларда 4,5 миллиард сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилмоқда.

Олиб борилаётган ҳар бир иш мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва қамровни ошириш мақсадида қилинаётгани барчамизга аён. Шу мақсадда туманда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этилганлиги ҳисобидан 1600 нафар болажон мактабгача таълим соҳасига қамраб олинди ва 128 та хотин-қизларимиз иш билан таъминланди. Бунда педагог кадрларнинг салоҳияти, уларнинг малакаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шуни инобатга олган ҳолда туманда мактабгача таълим тизими учун юқори малакали, замонавий фикрлайдиган, таълим ва тарбиянинг илғор технологияларини ўзлаштирган педагог кадрлар ва мутахассислар тайёрлаш ҳамда улар билан тумандаги мактабгача таълим ташкилотларини таъминлаш мақсадида ДМТТларда ташаббус кўрсатиб келаётган бир қатор илғор тарбиячиларнинг иш тажрибаларини туман миқёсида оммалаштирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, инсон капиталини ривожлантиришга сармоя киритиб улкан ютуқларга эришган Сингапур, Жанубий Корея каби давлатлар тажрибасини бугун ушбу соҳага татбиқ қилиш ва илғор давлатлар қаторидан жой олиш мақсад қилинган. Ҳа, болаларимизнинг келажагига сарфланган сармоямиз уларнинг бахтли ҳаёти ва Ватан равнақи учун хизмат қилади.

Азам БЕГМУРОДОВ,
Самарқанд тумани мактабгача таълим бўлими мудири


Киритилган вақти: 19/02/2021 16:43;   Кўрилганлиги: 183
 
Материал манзили: http://samtmtb.uz/news/bolalarimizning-kelajagiga-sarflangan-sarmoyamiz-ularning-baxtli-hayoti-va-vatan-ravnaqi-uchun-xizmat-qiladi
Чоп этилган вақт: 27/07/2021 01:49