Самарқанд вилояти Самарқанд тумани
Мактабгача таълим бўлими

РАДИОДА ШЕЪР АЙТАМИЗ, АУДИО ЭРТАК ЭШИТАМИЗ

Боғча бу кўпчилигимизнинг беғубор дамларимиз кечган, “бормайман” деб хархаша қилганимизда ота-онамиз  эвазига ниманидир ваъда бериб боришга ундаган маскандир.  Бу ерда самимийлик, поклик  бор. Болалар дунёси  зум бўлса-да сизни ташвишлардан, чарчоқлардан холи қилади. 

Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси томонидан ОАВ ходимларини “Вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларида яратилган замонавий шарт-шароитлар билан таништириш” мақсадида ташкил этилган пресс-тур доирасида журналистлар жажжилар масканидаги имкониятлар билан яқиндан танишди. Дастлаб, Самарқанд туманидаги “Юлдузча” Оилавий НМТТ фаолияти, бу ердаги машғулотлар жараёнини кузатишди. 25 ўринли мазкур Оилавий боғча болажонларнинг севимли масканига айланган.
Оқдарё туманидаги ДХШ асосидаги “Миллат хазинаси” номли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти, болаларнинг машғулотларда эркинлиги пресс-тур иштирокчиларида қизиқиш уйғотди.

2019 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган 250 ўринли мазкур боғчада болажонлар учун барча шароитлар муҳайё. Айниқса, жажжилар мусиқий машғулотларни иштиёқ билан бажаришади. Таълим-тарбия замон талаблари асосида олиб борилмоқда.
Кейинги манзил Самарқанд шаҳридаги 27-ДМТТ бўлди. Байрамона тарзда кутиб олинган меҳмонлар боғчада ташкил этилган кичик радио студия билан танишар эканлар, унда болажонлар микрофон олдида тенгдошларига шеър, қўшиқларни йўллашларига гувоҳ бўлишди.

-Бу боланинг нутқини равон, ўзига ишончини ошириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, -дейди мазкур МТТ директори Моҳигул Каримова. Пресс-тур доирасида тарбияланувчилар томонидан тайёрланган бадиий-мусиқий чиқишлар ҳам намойиш этилди.

Самарқанд шаҳридаги 48-ДМТТ 240 ўринга мўлжалланган. 2020 йил Инвестиция дастури доирасида 6 миллиард 800 миллион сўм маблағ йўналтирилган бино бугунги кунда кўркам, замонавийликка миллийлик уйғунлашган ҳолда афсонавий масканга айланган. Ташкилотга кирверишингиз билан орасталик, яшиллик оламидан баҳри дилингиз очилади. Гуруҳлар болалар оламига хос, эртакмонанд тарзда жиҳозланган. Жажжилар масканида “Илк қадам” Давлат дастури асосида машғулотлар олиб борилмоқда. ОАВ ходимлари муассасадаги шароит ва имкониятлар, замонавий кутубхона фаолиятини алоҳида эътироф этишди.

Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизмати


Охирги ўзгариш вақти: 06/07/2021 09:38;   Кўрилганлиги: 124
 
Материал манзили: http://samtmtb.uz/news/radioda-sher-aytamiz-audio-ertak-eshitamiz
Чоп этилган вақт: 23/10/2021 11:04