Тумандаги "Янгижой" маҳалласида туман ҳокими Шухрат Джамалов ташаббуси ва ҳомийлар ёрдамида барча қулайликларга эга бўлган 39-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди.
Муассасанинг очилиш маросимида туман ҳокими Ш.Джамалов, нуроний отахонлар, онахонлар ҳамда ҳудуддаги маҳалла фаоллари иштирок этиб, муассасада яратилган шароитлар билан танишишди.
Юртимизда мактабгача таълимга бўлган юксак эътибор ҳамда чекка ҳудудларда мактабгача таълим муассасасига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда барпо этилган бу муассасада маҳаллий аҳолининг 75 нафар фарзандлари тарбияланиши режалаштирилган. Муассасада ёш авлоднинг сифатли таълим-тарбия олишлари, соғлом улғайишлари учун барча қулайликлар яратилган.
Масканда таълим-тарбия жараёнини илғор хорижий тажрибалар асосида олиб бориш билан бирга, таълим жараёнининг сифат даражасини кўтариш мақсадида рус, инглиз тилларини чуқур ўргатиш, расм, шахмат-шашка тўгаракларини ташкил этиш учун малакали мутахассислар жалб қилиниши режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, болаларнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб улғайишлари, Ўзбекистон Республикасида белгиланган Мактабгача ёшдаги болалар таълим-тарбиясига қўйиладиган Давлат талаблари ижросини бажариш учун муассасада барча имкониятлар яратилган.
Киритилган вақти: 04/06/2019 17:40; Кўрилганлиги: 687
Чоп этилган вақт: 16/05/2022 22:42